Бюджет ва экспорт тушумлари – ижтимоий соҳа ривожининг муҳим манбаи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Биринчи чоракда мамлакатимиз бўйича бюджет тушумлари тўлиқ ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп бажарилди. Чорак якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадлари режага нисбатан 1 триллион 253 миллиард сўм ортиғи билан бажарилиб, ҳудудлар ихтиёрида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолди.

Маҳаллий бюджетда қанча кўп даромад бўлса, долзарб ижтимоий масалаларни шунча тезкорлик билан ҳал қилиш мумкин, деди давлатимиз раҳбари. Қўшимча маблағлар, жумладан, Бешта ташаббус, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ичимлик суви”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” каби давлат дастурларини жойларда тизимли амалга ошириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва ҳаётини яхшилаш учун зарур бўлади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу вазифанинг аҳамиятини ҳамма раҳбар ҳам бирдек англаб етмаётганини кескин танқид қилди. Жумладан, бюджетга тушумлар прогнози 9 туман ва шаҳарда бажарилмаган. 

Хусусан, Тошкент шаҳрининг ўн битта туманидан еттитасида тушумлар прогнози бажарилмаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод этилди. 

Шаҳар ҳокимлиги ва солиқ идоралари раҳбарлари томонидан бюджетга тушумларни таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги қаттиқ танқид остига олинди. 

Бундай ҳолатлар вилоятларда ҳам қайд этилган. Шу сабабли Давлат солиқ қўмитасига маҳаллий бюджетга тушумлар прогнози бажарилмаган қатор туман ва шаҳар солиқ идоралари раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини танқидий кўриб чиқиш топширилди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий мақсади солиқ юкини тенг тақсимлашдан иборат. 

Президентимиз солиқ ислоҳотларини самарали амалга ошириш учун ҳукумат олдида жуда кўп вазифалар турганини таъкидлади. 

Жумладан, жорий йилдан бошлаб қўшимча қиймат солиғи тўловчилари сони қарийб 5 бараварга ошган. Лекин қўшимча қиймат солиғини ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари ташкил этилмагани сабабли ушбу тизимга ўтган 26 мингта корхонадан 9 мингтаси тегишли солиқ ҳисоботларини топшира олмаган. 

Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат солиқ қўмитасига бир ой муддатда халқаро экспертлар билан биргаликда Ўзбекистонда солиқ ислоҳотларини амалга оширишда вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. 

Бюджет тушумларини таъминлашдаги асосий тўсиқлардан бири иқтисодиётда норасмий фаолиятнинг сақланиб қолаётганидир. 

Президентимиз бу борадаги ишлар натижалари мутлақо қониқарли эмаслигини таъкидлади. Шу сабабли қабул қилинган дастурий чораларни жонлантириш бўйича топшириқлар берилди. 

Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсманга ҳокимликлар билан биргаликда фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар учун учрашувлар ўтказиш ва фаолиятини тиклашда кўмаклашиш вазифаси юклатилди. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, юқорида кўрсатилган муаммолар ўз вақтида бартараф қилинса, йил охирига қадар бюджетга қўшимча камида 6 триллион сўм тушишини таъминлаш мумкин. 

Жумладан, жорий йилнинг иккинчи чорагида Бухоро, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 200 миллиард сўмдан, Қашқадарёда 170 миллиард сўм, Андижонда 140 миллиард сўм, Қорақалпоғистонда 130 миллиард, Фарғонада 100 миллиард, Самарқанд ва Наманганда 80 миллиард сўмдан, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда 60 миллиард сўмдан, жами қарийб 2 триллион сўм бюджетга қўшимча маблағ тушириш имконияти мавжуд. 

Йиғилишда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чоралар ҳам муҳокама қилинди. 

Иккинчи чоракда ўтган чоракка нисбатан 1,1 миллиард доллар кўп экспортни амалга ошириш вазифаси турганлиги қайд этилди. Жумладан, апрель-июнь ойларида ҳокимликлар биринчи чоракка нисбатан 3 баробар кўп мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини таъминлаши зарур. 

Давлатимиз раҳбари айрим соҳа ва тармоқ мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарларини бу борада мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани учун кескин танқид қилди. 

Экспортбоп маҳсулотлар бўйича қандай устун жиҳатлар мавжудлиги, қайси ҳудудда қандай маҳсулот етиштириш ва қаерга экспорт қилиш мақсадга мувофиқлиги бўйича қисқа муддатда амалий таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берилди. 

Йиғилишда таъкидланганидек, экспорт қилинаётган товарларни божхонада расмийлаштириш, товарлар учун назорат идораларидан рухсат олишни соддалаштириш бўйича қатор вазифаларни ҳал этиш лозим. Мисол учун, мамлакатимизда экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш 96 соат вақт олса, хорижда бунга 12 соату 20 дақиқа кетади, холос. 

Бу соҳада “Ягона дарча” тизими тўлиқ жорий этилмагани оқибатида тадбиркорлар ўз маҳсулотини экспорт қилишга рухсат олиш учун камида 10 та идорага бориши лозим. 

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига экспорт-импорт операцияларига рухсат берувчи идораларни жалб қилган ҳолда ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ давлат хизматларини қамраб олувчи “Ягона дарча” тизимини жорий этиш вазифаси топширилди. 

Давлат божхона қўмитасига пишиқчилик даврида божхона постларининг ўтказувчанлигини ошириш ва тирбандликка йўл қўймаслик учун тегишли чоралар кўриш вазифаси юклатилди. 

Президентимиз экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ижросини тўлиқ таъминлаш лозимлигини алоҳида таъкидлади. 

Экспорт бозорларида мамлакатимиз ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган Ғаллаорол, Зомин, Булунғур, Ургут, Қибрай, Паркент, Олтиариқ туманлари ва Қувасой шаҳрида ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш зарур. 

Шунингдек, “Ўздавкарантин” инспекциясига гилос, ўрик, олча каби бозори чаққон меваларнинг хорижий бозорларга фаол кириб боришини таъминлаш мақсадида чет эл карантин хизматлари билан музокаралар ўтказиб, экспортчиларимиз учун қулай шароитлар яратиш чораларини кўриш топширилди. 

Транспорт-логистика харажатлари юқорилиги мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Ушбу муаммони ҳал этиш йўлидаги биринчи қадам сифатида жорий йил февраль ойидан юртимизга импорт қилинадиган вагонлар божхона божларидан озод қилинди. 

Бу борада Транспорт вазирлигига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда темир йўл транспорти имкониятларидан кенг фойдаланиш, “Ягона дарча” тамойили асосида соддалаштирилган механизмни жорий этиш вазифаси қўйилди. 

Бундан ташқари, юк транспорти паркини тўлдириш учун ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган автомобиль-транспорт воситаларини сотиб олиш учун кредитлаш тизимини жорий этиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди. 

Йиғилишда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари экспорт тушумлари барқарор ва ўз вақтида келиб тушиши учун шахсан жавобгар экани белгилаб қўйилди.

Манба: www.uza.uz

Ishonch telefoni

1097


Onlayn foydalanuvchilar

Onlayn foydalanuvchilar: 685
Система Orphus

So'rovnoma

Yangi saytimizni baholang

Yangiliklarga obuna bo'ling

So'rovnoma

Foydali resurslar


Diqqat! Agar siz matnda xatoliklarni aniqlasangiz, ularni belgilab, ma'muriyatni xabardor qilish uchun Ctrl+Enter tugmalarini bosing